O’qituvchi nimani o’ylaydi…?

       “Yil-yilga, kun-kunga o’xshamaydi”, -deb bejizga aytishmas ekan.Bu sinovli kunlarda uyda o’tirib, o’tgan yili shu paytlar maktabimizda ochiq darslar festivali, ketma–ket tadbirlar bilan ishimiz juda qizg’in o’tganligini esladim.Bu yil butun insoniyat boshiga kelgan bu balo tufayli karantin e’lon qilingandan so’ng uyda qolib, o’quvchilarimning samimiy kulgularini, har birining savollarimga javob berish uchun ko’tarib turgan jajji qo’llarni ko’rishni, yonib qarab turgan munchoq ko’zlarini qanchalik sog’inganimni his qildim.Baxtimizga prezidentimiz rahnamoliklarida onlayn darslar tashkil etildi.Shunda o’z kasbimning haqiqatdan ham sharafli, mehr-muhabbat, ziyo ulashuvchi,eng ulug’ kasb ekanligiga amin bo’ldim. Hozirda o’quvchilarimizni onlayn tarzda baholayapmiz, ularga topshiriqlar beryapmiz.Bu ishda bizga yelkadosh bo’lib, farzandlarining mustaqil ravishda bilim olishlarini ta’minlayotgan ota-onalarning mehnatlariga tasannolar aytaman.O’ylaymanki,bundan keyin bir paytlar farzandining hatto uy vazifalarini bajartirishga hafsalasi pir bo’lgan ota-onalar orasida ustozlarning mehnatini qadrlaydiganlari ko’paydi.

      Hayot bor ekan, sinovlar, qiyinchiliklar bor.Bizning xalqimiz  yuksak       matonatli, mehr-muruvvatli xalq.Biz hech qachon yengilmaymiz,chunki qalban    birgamiz.Biz ustozlar esa o’quvchilarimizga vatanga muhabbat ruhini va bilim olishga chanqoqlikni singdirishdan charchamaymiz                       

                                                                     Qashadaryo viloyat Yakkabog’ tumani                                                                   100- umumiy o’rta ta’lim maktabining                                                                                   boshlang’ich sinf o’qituvchisi                                                                                            Tursunova Mashhura

Мактабларда ўқув йили онлайн тарзда якунланади

Ўзбекистонда ўқув йили онлайн тарзда якунланади

2019-2020 ўқув йили онлайн тарзда якунланади. Бу Республика махсус комиссиясининг қарорида белгилаб қўйилди.

Унга кўра, халқ таълими тизимидаги ташкилот ва муассасаларида 2019/2020 ўқув йили online-maktab лойиҳаси доирасида ташкил этилган масофавий телевизион видеодарслар орқали якунланади.

Тадбиркорлар муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатади. Уларга қанча оилага ёрдам беришига қараб имтиёзлар берилади

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди. Унда аҳолининг ижтимоий ҳимояси ҳамда қурилиш ва инфратузилма тармоқлари фаолияти масалалари муҳокама қилинди.

«Мамлакатимизда коронавирус эпидемиясига қарши ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида кўплаб ҳудудлар бу хавфдан сақлаб қолинди. Шунга қарамай, аксарият вилоят ва туманларда корхоналар ўз ишини тўхтатган ёки тўлиқ қувват билан ишламаяпти. Бу ҳолат ҳудудлар иқтисодиёти ва ижтимоий соҳага, оддий қилиб айтганда, аҳоли ҳаётига салбий таъсир қилмоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Давлатимиз раҳбари йиғилиш аввалида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтди.

Вақтинча ишламаётган ва ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш кўламини янада кенгайтириш кераклиги таъкидланди.

Ҳозирги пандемия пайтида ишсизлар, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли сони ортиши табиий. Турли мамлакатлар касалликка қарши курашиш баробарида иш жойларини сақлаб қолиш ва иқтисодиётни кескин таназзулга учрамаслиги учун бор имкониятларни ишга солмоқда.

Бутун дунёда бўлгани каби бу мураккаб жараён Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Албатта, халқимизни таъминлаш учун ҳам, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун ҳам мамлакатимизнинг захиралари ва имкониятлари етарли.

Шу боис президент халқнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди.

«Яқин кунларда барчамиз учун муқаддас бўлган Рамазон ойи кириб келади. Бу ойда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Шунинг учун ушбу муқаддас ойда ҳар бир тадбиркор ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, аввало маҳалладошлари, қўни-қўшниларини фаол қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ», – деди давлат раҳбари.

Бунинг натижасида Рамазон ойида амалга ошириладиган эҳсон ва хайриялар манзилли бўлади, ифторликларга сарфланадиган маблағлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолининг кам таъминланган қатламларига йўналтирилади.

Имкониятидан келиб чиқиб, қайсидир тадбиркор бир ойда мисол учун, 10та, бошқа бири эса 20та оилага кўмаклашиши, энг муҳими муҳтож оилалар аъзоларини ишга жалб қилиши мумкин. Давлат томонидан ўз навбатида бундай тадбиркорларга солиқ, лизинг, кредит тўловлари,  зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва преференциялар берилади. Яъни, бу аҳолига давлат томонидан тадбиркорлик субъектлари орқали кўрсатиладиган саховат ва кўмак бўлади.

Бу жараёнда йирик корхоналар, уларнинг жойлардаги таркибий бўлинмалари, фермерлар ва кластер хўжаликлари ҳам ихтиёрий қатнашиши муҳим эканлиги таъкидланди.

Ушбу ташаббус Савдо-саноат палатасининг жойлардаги бўлимлари, банклар, ижтимоий муҳофаза идоралари ҳамкорлигида амалга оширилиши белгиланди.

«Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати давлатимиз ва халқимиз қудратининг амалий намоёнига айланишига ишонаман», – деди президент.

Янги ўқув йили учун қабул квоталари тасдиқланди — Президент қарори

Ўзбекистон Президентининг қарори билан 2019/2020 ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тасдиқланди.

Ҳужжатда кўрсатилишича, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан Олий ва ўрта махсус таълим, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Молия вазирликлари билан биргаликда вазирлик, идора, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар иштирокида 2019/2020 ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш давлат буюртмаси ва иш берувчиларнинг олий таълим муассасалари битирувчиларига бўлган талаби параметрлари ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинди.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:

а) олий таълим муассасаларига қабул олий маълумотли кадрларга талаб юқори бўлган иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалари учун давлат буюртмаси асосида;

олий таълим муассасаларининг мавжуд қувватлари, моддий-техник базаси ҳамда профессор-ўқитувчилари таркибидан келиб чиқиб, олий таълим муассасалари томонидан бўйсунувига кўра вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда белгиланадиган бакалавриат таълим йўналишларига табақалаштирилган тўлов-контракт, магистратура мутахассисликларига базавий тўлов-контракт бўйича қўшимча қабул параметрлари асосида амалга оширилади;

б) ногиронлиги бўлган шахсларга давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрларининг умумий сонига нисбатан қўшимча икки фоизли давлат гранти асосида ажратиладиган қабул параметрлари бўйича олий таълим муассасаларининг кундузги, сиртқи ёки кечки таълим шаклларидан бирида таълим олиш ҳуқуқи берилади;

в) тўлов-контракт асосида таълим олаётган барча босқич талабаларига, ўз хоҳишларига кўра контракт қийматини стипендияли ёки стипендиясиз шаклда тўлаш ҳуқуқи берилади;

г) давлат буюртмаси параметрлари доирасида олий таълим муассасаларининг сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқитишнинг тўлов-контракт қиймати тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги ўқитиш шакли учун белгиланган тўлов-контракт қийматидан кўп бўлмаган миқдорда белгиланади;

д) магистр даражасига эга бўлган юқори малакали мутахассислар қатламини кенгайтириш мақсадида магистратурага қабул қилишда абитуриентларнинг қабул бўйича белгиланган турдош бакалавриат таълим йўналишлари негизидаги магистратура мутахассисликларидан ташқари бошқа магистратура мутахассисликлари бўйича ҳам танловда иштирок этишига рухсат берилади. Бунда, алоҳида мутахассисликлар ва уларга мувофиқ бакалавриат таълим йўналишлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланади;

е) олий таълим муассасалари ректорларига (филиаллар директорлари) бўйсунуви бўйича вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда чет эл фуқароларини тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини тегишли бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассислиги бўйича Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган базавий тўлов-контракт миқдоридан кам бўлмаган миқдорда белгилаш ҳуқуқи берилади.

2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари:

а) бакалаврлар тайёрлаш бўйича:

кундузги таълим шаклига – 80 430 нафар;

сиртқи таълим шаклига – 19 985 нафар;

кечки таълим шаклига – 1 985 нафар;

б) магистрлар тайёрлаш бўйича – 7 695 нафар этиб тасдиқланди.

Эслатиб ўтамиз, 2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича умумий квота – бакалаврлар учун 69 200 нафар, магистрлар учун 5903 нафар,  махсус сиртқи бўлимларда бакалаврлар учун 11765 нафар этиб белгиланганди.